
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз розияллоҳу анҳуни Яманга юбора туриб шундай деганлар: “Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Зеро, унинг дуоси билан Аллоҳнинг орасида парда-тўсиқ йўқдир” (Муттафақун алайҳ).
Қуйидаги воқеа Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган:
Чорраҳалардан бирида кичик юк машинаси ва енгил машина тўқнашиб кетди. Юк машина ҳайдовчиси суданлик, енгил машина эгаси саудиялик бўлиб, тўқнашув натижасида иккала машинага ҳам айтарли даражада зарар етмаганди.
Саудиялик жаҳл билан машинасидан тушди, ҳодисада ҳамма айб ўзида бўлганига қарамай суданликни сўкиб, ҳақоратлаб, лаънатлаб, олдига борди-да, юзига тарсаки тортиб юборди. Зарбанинг кучлилигидан суданлик ҳайдовчининг кўзи чиқиб кетишига бир баҳя қолди. У бор-йўғи: “Сенга Аллоҳ таоло кифоя қилсин. Ишимни унга топширдим. Мен сенинг ҳаққингда хато қилган бўлсам, Аллоҳ таолонинг Ўзи мени ҳисоб-китоб қилсин. Агар менга зулм қилган бўлсанг, Аллоҳ таоло сендан кечиктирмасдан, тезлик билан ўч олсин”, дея олди, холос…
Суданлик киши воқеанинг давомини ҳикоя қилади:
“У ердан кетдим. Ичимда бир олов ёнар, қайта-қайта “Ҳасбияллоҳ, ҳасбияллоҳ (менга Аллоҳ таоло кифоя)” деб айтардим.
Бир неча кун ўтгач мол бозорига бориб, машинамни бир четга қўйдим. Шу пайт бир киши келиб, “Иккита қўйим бор. Анави кўчадаги ошхонага олиб бориб бермайсанми?” — деб сўраб қолди. Мен рози бўлдим. Қўйларни машинага юкладик, у ўзининг машинаси билан олдинга ўтиб, йўл кўрсатиб борди. Манзилга етгач қўлимни ушлади-да, “Мени танидингми?” деди. “Йўқ”, дедим. У: “Мен сен билан машинада тўқнашиб кетган, юзингга урган кишиман”, деди. Мен яна ўша кунгидек “У ишни ҳузурида ҳақлар зое бўлмайдиган Зотга (Аллоҳга) топширганман”, деб жавоб бердим.
Шу вақт унинг кўзларига ёш келди:
– “Қанийди ўшанда менинг устимдан полиция ёки судга арз қилганингда…
Ёки мени уриб қасосингни олганингда…
Сен ишингни топширган Зот ўша воқеанинг эртасигаёқ менга кўрсатиб қўйди:
Худди шу машинада автоҳалокатга учрадим, икки фарзандим, ўғлим ва қизим ҳалок бўлди… Аллоҳ таолога қасамки, мен кўчаларни кезиб, кечирим сўраш, розилигингни олиш учун ўн беш кундан бери сени қидираман. Менга келган мусибатга сабр қилдим, буни қилган зулмим учун дунёда берилган жазо деб билдим. Лекин аниқ ишондимки, охиратдаги ҳисоб-китобдан қочиб қутулиб бўлмас экан. Мана мен олдингдаман. Сендан фақат бир нарсани сўрайман: мендан қасосингни ол, хоҳлаган ишингни қил, лекин менда ҳақингни қолдирма!”
Унинг ҳолатини, йиғлаётганини кўриб раҳмим келди. Унга:
– “Кечиримли киши ҳурматга сазовордир. Аллоҳ таоло сени кечирсин, гуноҳларингни мағфират қилсин”, дедим…!
У кетди. Олдимдан узоқлашар экан, қайта-қайта “Аллоҳ таолога қасамки, бундан кейин ҳеч қайси мусулмонга зулм қилмайман! Аллоҳ таолога қасамки, бундан кейин ҳеч қайси мусулмонга зулм қилмайман!” – деб айтарди…”
Бу – ҳаётда содир бўлган воқеа. У бизга ибрат бўлиши керак. Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўлайлик. Одамларга озор бериб, “Мен ўзим шундай одамман!” деб ўзимизни оқламайлик.
Биров жим турган бўлса, албатта жавоб қайтаришдан ожиз бўлганидан жим турган бўлавермайди. Шундай кишилар борки, уларда юрак оғриғи бўлади, гапирса, оғриғи кучайиб кетишидан қўрқиб жим туради. Шундайлар ҳам бўладики, гапирган гапи кор қилмаслигини билгани учун сукут сақлайди. Яна шундай одамлар бўладики, бошқаларга зарар бериб қўймаслик учун ғазабланган вақтида ўзини қўлга олиб тилини тишлайди …
Билмаганларга билдириш ва унутганларга эслатиш хайрли ишдир. Аллоҳнинг Ўзи ёрдамчи, ҳимоячи ва кўмакчи бўлсин!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мазлумнинг дуосидан сақланинглар. Зеро, у булутга кўтарилади. Аллоҳ: “Иззатим ва улуғлигимга қасамки, гарчи озгинадан кейин бўлсада сенга, албатта, ёрдам бераман”, дейди” (Таброний ривояти).
Аллоҳ таоло бизни ўзгалардан ибрат олувчи ва ёмон амаллардан сақланувчи бандаларидан қилсин.
Манба: @mehrob_uz